TOШКЕНТ, 2 август — Sputnik. Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев "Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.
Ҳужжатда айтилишича, давлат солиқ хизмати органлари бошқарув ходимларининг чекланган сони 12 131 нафар, шу жумладан, марказий аппаратда 263 нафар этиб белгиланган, шундан 12 056 нафари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан, 75 нафари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси раисига зарур ҳолларда давлат солиқ хизмати органларининг тасдиқланган тузилмаларига ўзгартишлар киритиш, Махсус жамғарма маблағлари хисобидан давлат солиқ хизмати органларининг қўшимча штат бирликларини жорий этиш хуқуқи берилди.