TOШКЕНТ, 1 август — Sputnik. 1 августдан бошлаб Гулистон шаҳрида россиялик шифокорлар беморларни қабул қиладилар. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги веб сайтида хабар берилмоқда.
Хабарга кўра, Россия Халқлар дўстлиги университети оториноларингология кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Василий Федорович Антонив ҳамда тиббиёт фанлари доктори, профессор Валентин Михайлович Аксеновлар Гулистон шаҳрига ташриф буюрадилар.
Улар 1 августдан бошлаб Сирдарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида даволаш ва ташхис қўйиш учун беморларни қабул қиладилар.
Эслатиб ўтамиз, июль ойида Туркия-Ўзбекистон саломатлик ҳафталиги доирасида Ўзбекистонга туркиялик 19 нафар тажрибали шифокор ташриф буюрганди.