TOШКЕНТ, 1 август — Sputnik. Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Хотамбек Шакиров лавозимидан озод этилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг расмий веб-сайтида хабар қилинмоқда.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 июлдаги ПҚ-3164 сонли қарорига мувофиқ Хотамбек Анварович Шакиров бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимидан озод этилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июль ойида Ўзбекистон президентининг "Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони қабул қилинди.
Хусусан, солиқ тизимини янада такомиллаштириш бўйича махсус сўров ўтказилмоқда.
Унда Ўзбекистон фуқаролари, солиқ тўловчилар ва экспертлар солиқ қонунчилиги ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини билдиришлари мумкин.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида шакллантирилган экспертлар гуруҳи барча таклифларни жамлаб Солиқ қонунчилиги ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича тузилган Ишчи комиссияга кўриб чиқиш учун киритади.