TOШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. Татаристон Республикаси муфтийси Камил Самигуллин бир неча кунлик ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. Муфтийнинг сўзларига кўра, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Москва, Қозон ва Уфа ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини узиб бўлмайди
- Ассалому алайкум, муҳтарам муфтий! Ўзбекистонга ташрифингиз боиси нима?
— Ваалайкум ассалом! Барчангизга биз учун чин биродар, дўст, қуёшли Ўзбекистондан вакилларимиз номидан салом йўллайман. Биз буерга кўпчилик келганмиз. Булар муфтийлар, жамоат арбоблари. Таркибимизда масалан, Россия ислом институти ректори Рафик Мухаметшин, бу ерда афсонавий "Пахтакор"нинг афсонавий ўйинчиси сифатида эслашадиган ва қадрлашадиган Марат Кабаев — Ислом бизнеси халқаро ассоциацияси раҳбари бор.
Бу ерга Россия ва унинг халқига ҳамиша яхши муносабатда бўлувчи Ўзбекистон, қардош халқ, диндошларимиз билан дўстлигимиз мустаҳкам эканлигини билдириш учун келдик. Бу ерга шунингдек, муфтийлар билан учрашиш, диний алоқаларни мустаҳкамлаш, биз учун муҳим бўлган таълим тизимидаги мулоқотларимизни кенгайтириш мақсадида ташриф буюрдик. Бундан ташқари, тарихий арбоблар хотирасига Россия мусулмонлари номидан ҳурмат бажо айлаш мақсадимиз бор.
Мен имом ал Бухорий, имом Абу Мансур ал Мотуридий, Қусам ибн Аббослар (барчаларини Аллоҳ раҳматига олсин) ҳақида айтмоқдаман. Улар ҳақиқатан ўз даврининг буюк инсонлари, узоқ келажак – биз учун из қолдириб кетган шахслардир. Биз Тошкент, Самарқанд, Бухорода бўлдик.
- Ўзбекистон ва Татаристон диний соҳада қандай ҳамкорлик қилиб келади?
— Ташрифимиз айнан мана шу жиҳатни батафсил муҳокама қилишни кўзда тутади. Айтишим лозим, ислом йўналиши, биринчи навбатда таълим ва маърифат мулоқотларимиз асосини ташкил этади. Тан олиб айтаманки, биз барча имкониятлардан фойдаланмаяпмиз. Имкониятлар эса етарли!
Масалан, ўзбекистонлик олимларнинг Россияда исломдан сабоқ беришлари. Ўзбекистонда улкан тарихий мерос мавжуд. Етакчи олийгоҳлар, муаллимлар, олимлар бор. Нега уларни Россияга, Татаристонга таклиф этмаймиз? Кузда бизда Болгар ислом академияси очилади. Бизга муаллимлар керак. Хуллас, имкониятлар бор, муҳими, улардан фойдаланиш ва янада муҳими, қандай фойдаланиш.
Бундан ташқари, бу масалани Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев, Татаристоннинг бу ердаги сиёсий вакили Рамилем Шакиров билан муҳокама қилдик. Учрашув давомида мамлакатларимизда диний таълимни яхшилаш борасида фикр алмашдик.
- Татаристон мусулмонлари диний бошқармаси мигрантлар ва хусусан ўзбекистонликлар билан қандай иш олиб боради?
— Вазият қуйидагича. Татаристонда ҳам мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Марказий Осиё мамлакатларидан келган мигрантлар кўпчиликни ташкил этади. Масжидларимизга Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон давлатларидан фуқаролари келишади. Улар тартиб-интизомли, давлат қонунларига итоат этишади, рус тилини ўрганишади, татарчани эса деярли билиб олишган!
Лекин ўзбекистонликлар ҳақида алоҳида гапирмоқчиман. Негадир масжидларимизда, маърузаларимизда улар жуда кам кўринишади. Ҳарҳолда уларнинг Қозон шаҳрида неча киши эканлигини биламиз. Улар нега масжидга келишмайди? Масжидга келишмаса, қаерда йиғилиб ибодат қилишади? Ўзбеклар эътиқодли эканлигини биламан, лекин нимагадир улар масжидларда кўринишмайди.
Бу фикримни Ўзбекистон дин ишлари бўйича қўмитасига қилган ташрифим вақтида билдирдим ва менга "Улар билан мулоқот уюштирадиган вакилимизни Россияга жўнатсак-чи?" деган жавобни айтишди. Бу муҳим масала. Ишончим комилки, буни ҳал қиламиз. Биз шунинг учун бу ерга келдик. Мигрантлар келган мамлакатлари ижтимоий ҳаётида иштирок этишлари лозим. Яккаланиш, ажралиб олиш ижобий натижага олиб келмайди.
— Ўзбекистон мусулмонлари идораси ислом йўналиши бўйича онлайн-сабоқлар ташкил этди. Бу ташаббусга қандай қарайсиз? Татаристонда ҳам шундай ишни йўлга қўйиш мумкинми?
— Бизда бундай курслар мавжуд. Бундан ташқари, бошқа таълим лойиҳаларимиз ҳам бор. Бу йўналишда ўзбекистонлик ҳамкасбларимизга маслаҳатлар беришимиз мумкин. Етарлича тажрибага эгамиз.
Бир ҳолатни эътироф этмоқчиман. СССР тарқалганидан кейин ҳаммамиз ўз қобиғимизга ўралиб қолдик. Ҳамманинг ўз режаси, ўз иши бор. Балки ўз ҳолимизча яшаб кўрармиз, умумий ўтмишнинг нима кераги бор деб ўйладик.
Аён бўлдики, алоҳида яшай олмас эканмиз. Мулоқот, суҳбат, ташрифлар керак экан.
Ўзбекистон ва Россия учун сиёсий, иқтисодий, маданий ва диний мулоқотларни сақлаб қолиш ва кенгайтириш жуда муҳим.
- Ўзбекистон ҳақидаги таассуротларингиз қандай?
— "Мир Араб" мадрасасида, Имом ал Бухорий мақбарасида бўлдик, Самарқанддаги муқаддас қадамжолар, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилдик. Бу зиёратларимиз бизда улкан таассурот қолдирди.
"Мир Араб" мадрасасига борганимизда делегациямиз аъзолари – сочлари оқарган олимлар, муфтийлар қувончдан худди ёш болалардек сакрадилар. Ёшлик даврларини эсладилар. Бу ерда кимлар билан ўқиганларини хотирладилар.
Уларга қараб ўйладим: "Аллоҳим! Улар жудаям ёшариб кетишди. Улар қадимий Бухорода ёшликларича қолишган".