ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Россия Бош прокуратураси халкаро ҳамкорлик доирасида Гулнора Каримованинг активларини хатлаш бўйича расмий сўровномани олмаганлигини Sputnik мухбирига маълум қилди.
"Россия Бош прокуратурасига Ўзбекистон ваколатли органларининг расмий сўровномаси келмаган. Сўровнома келган тақдирда у ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади", — деди ОАВлар билан ҳамкорлик қилиш бошқармаси бошлиғи Александр Куренной.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова устидан очилган жиноят ишлари бўйича хабарида халқаро ҳамкорлик доирасида 12 та хорижий мамлакатларнинг ваколатли органларига уюшган жиноий гуруҳнинг активларини хатлаш тўғрисидаги қарорлари юборилганлигини маълум қилган эди.
Гулнора Каримованинг Россиядаги 6 млн. АҚШ долл. миқдоридаги пул маблағлари, умумий нархи 2 млн. АҚШ долл. бўлган Москва шаҳри "Камелот" турар жой комплексидаги "пентхаус", "Рублевка" массивидаги ҳашаматли турар жой ва 8 та квартира, Ялта шаҳридаги меҳмонхона комплекси, турар жой ва ер участкаси аниқланган.