TOШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Самарқанддаги бир нечта олийгоҳларнинг ходимлари пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда олийгоҳлар раҳбарлари билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум бўлди, деб ёзади NUZ.UZ.
Матбуот анжуманида Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ректори Тоштемир Остонақулов институт юристи ўз иш кабинетида 10,5 минг АҚШ долларини пора сифатида олаётганида қўлга олинганини билдирди.
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ректори Султон Аҳмедовнинг сўзларига кўра, институт ходимларидан бири абитуриентдан 6 минг доллар сўраган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Самарқанд давлат университети проректори Аҳмаджон Солиев университет деканларидан бири 19 июль куни 23 минг доллар миқдорида пора олаётганида қўлга тушганини маълум қилди.
Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ректори Тоштемир Остонақуловнинг айтишича, тест синовлари билан у ёки бу тарзда боғлиқ бўлган ҳар бир ходимдан тушунтириш хати олинган. Тест синовларига тайёргарлик ва уни ўтказиш даврида қонунбузарликка йўл қўйган ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинади.