ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Ўзбекистонда фан дастурлари янгитдан ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ҳукумат порталида эълон қилинган Ўзбекистон президентининг янги "Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида айтиб ўтилган.
Бундан ташқари ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотларининг мутахассислар тайёрлаш сифатига бўлган талабларини бевосита таълим мазмунини шакллантириш билан шуғулланадиган олий таълим муассасалари профиль кафедраларининг профессор-ўқитувчилари томонидан тизимли ўрганиб борилишини ташкил этиш мақсадида стажировкалар жорий қилинади.
Жорий йилнинг 1 сентябригача ривожланган хорижий давлатларнинг энг илғор тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда ўқув режалари ва фан дастурлари, ўқув адабиётлари, шу жумладан, ўқув-методик комплексларининг халқаро стандартлар асосида замонавий, мутлақо янги талаблар асосида ишлаб чиқилади ва босқичма-босқич жорий этилишини ташкил қилинади.
Ҳар ойда Комплекс раҳбари, тегишли вазирлик ва идора раҳбари бириктирилган ҳар бир олий таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан тармоққа (соҳага) оид янгиликлар, ривожлантириш истиқболлари, таълим мазмунини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ва келгусидаги вазифаларни белгилаб олиш юзасидан учрашувлар ўтказиб борадилар.