TOШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий таълим муассасаларида билимларни баҳолашнинг беш балли тизимига қайтиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубда вазирнинг биринчи ўринбосари Дилмурод Набиев маълум қилди, деб хабар берди nuz.uz.
Вазир ўринбосарининг айтишича, ўқитувчилар тўқнаш келаётган қоғозбозлик таълим муассасаларидаги асосий муаммолардан бирига айланган.
“Маълумки, бизда 100 баллик рейтинг тизими амалда. Оралиқ ва якуний баҳоларни тўлдириш эса кўп вақтни талаб қилади. Ҳозирда биз одатий беш баллик тизимга ўтишни кўриб чиқаяпмиз”, — деди вазирнинг биринчи ўринбосари.
Вазирлик курашиши керак бўлган яна бир муаммо бевосита алоқадор бўлмаган шахслар томонидан таълим жараёнини назорат қилишга уринишдан иборат.
“Авваллари ҳаттоки вазирнинг аудиторияга киришга ҳуқуқи йўқ эди, ҳозир эса тез-тез амалга оширилаётган текширувлар машғулотларни бўлмоқда”, дея тан олди Дилмурод Набиев.
“Стандартга кўра машғулот 80 дақиқа давом этиши керак. Шундагина талаба керакли билимларни ололади. Амалда эса машғулотларни декан ёки унинг ўринбосари кириши бўлмоқда, турли текширувлар ҳам халал бермоқда. Улар давомат, журнал, ўқитувчининг маъруза матнини текширишади. Талабанинг йўқотилган 15−20 дақиқасини ҳеч ким қайтара олмайди”, — дея таъкидлади вазирлик вакили.
Яна бир муаммо маънавий-маърифий ишлар деб номланади. Ўқитувчи ишдан ташқари вақтларда дарсга келмаган талабалар ортидан маҳаллаларга ва уйларга боришга мажбур.
“Биз буни тубдан ўзгартирмоқчимиз. Бу президент қарорида ҳам кўзда тутилган. Ўқитувчи ўз вазифасини бажариши ва илмий фаолият билан шуғулланиши керак”, — деди у.