ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Меҳнат вазирлигида Россияга кетаётган меҳнат муҳожирларини кузатиш маросими ўтказилди, деб хабар қилди Ўзбекистон Ҳукумат портали.
Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда меҳнат миграцияси соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан жадал ишлар амалга оширилмоқда. Кадрларни танлаш хизмати фаолияти тўғрисидаги, меҳнат миграцияси тўғрисидаги, янги қонунлар ишлаб чиқилмоқда, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилмоқда ҳамда лицензия ва рухсат бериш ҳужжатлари соддалаштирилмоқда.
Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилиш учун Ўзбекистон фуқаролари энг кўп меҳнат қилаётган давлатларда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Агентликнинг ваколатхоналарини очиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.
Жумладан, Россия Федерацияси ва Корея Республикасида. Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида меҳнат мигрантларига ҳамкорликда кўмаклашишга қаратилган турли марказлар очилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида икки томонлама стратегик ҳамкорлик ва шерикчилик муносабатларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2017 йил 12 апрелдаги ПҚ-2885 сон қарорини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан Россия Федерациясидаги меҳнат мигрантларининг муаммоларини тезкор ҳал қилиш, уларнинг меҳнат фаолиятини қонунийлаштириш ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, одам савдоси билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш, уларнинг турли бузғунчи кучларнинг салбий таъсири остига тушиб қолмаслигини таъминлаш мақсадида Россия Федерациясининг тегишли ташкилотлари ва муассасалари билан музокаралар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифи доирасида Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш тўғрисидаги Битим имзоланган эди.
"Ўзбекистон янги шароитларда меҳнат мигрантлари муаммоларига нисбатан ўз муносабатини тубдан ўзгартирмоқда ҳамда меҳнат мигрантларининг Ўзбекистон иқтисодиёти ҳамда улар ишлаётган мамлакат тараққиётига қўшаётган улушини эътироф этади. Ўзбекистон ҳукумати бундан кейин ҳам уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда давом этади", — дейилади хабарда.