TOШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Самарқанд вилоят Матбуот уйида 1 август куни олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ўтказиладиган давлат тест синовларига тайёргарлик жараёнларига бағишланган матбуот анжуманида 2017-2018 ўқув йили учун қабул жараёнлари, тест синовларини ўтказишга кўрилаётган тайёргарлик ҳақида маълумот берилди.
Бу йил Самарқанд вилоятидаги 7 олий таълим муассасаси бакалавриат таълим йўналишларига 7014 нафар ёшлар ўқишга қабул қилиниши режалаштирилган. Ушбу ўринлар учун 15 июндан 15 июлга қадар 63 минг нафар абитуриент олийгоҳлар қабул комиссияларига ҳужжат топширди. Бу ўтган йилгига нисбатан 8,3 %га кўпдир.
Бугунги кунда барча қабул комиссияларида абитуриентларга тест синовларига кириш учун бериладиган Давлат тест маркази гувоҳномалари тайёрлаб қўйилган ва тест имтиҳонлари ўтказиладиган биноларда 2017 йил 28 июль кунидан бошлаб тарқатилади, деб хабар қилди "Зарафшон" нашри.
Бу йил Самарқанд шаҳридаги умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларининг 69 биносида тест синовлари ўтказилиши кўзда тутилган. Ушбу биноларнинг техник, хавфсизлик ҳолати ва бошқа жиҳатлар мутасадди идоралар вакиллари томонидан ўрганилиб, тест синовларини ўтказиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. 1854 та аудитория тайёр ҳолатга келтириб қўйилди.
Вилоятдаги олий ўқув юртлари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва умумтаълим мактабларининг 11 минг нафар тажрибали педагог ва раҳбар ходимларидан иборат аудитория раҳбари ва назоратчилари шакллантирилди. Шунингдек, 580 киши Давлат тест маркази вакили сифатида жараённи бевосита кузатиб боради.
1 август куни Самарқанд шаҳар жамоат транспорти ҳам ўз фаолияти одатдагидан эрта бошлайди. Шунингдек, 100 дан ортиқ автобус жалб қилинган ҳолда қўшимча йўналишлар ташкил этилади.
30 июль куни тест синовлари ўтказиладиган барча биноларда абитуриентлар, аудиториялар раҳбар ва кузатувчиларига 1 август куни бўладиган жараёнлар, тест ўтказиш тартиблари кўргазмали тарзда тушунтирилиб, зарур тавсиялар берилади.
Шунингдек, абитуриент имтиҳон давомида тест материалларини бошқа абитуриентга узатса ёки унга ёрдам берса, ажратилган вақт тугагандан кейин тест материалларини топширишдан бош тортса, саволларни аудиториядан ташқарига чиқарса, саволлар китобини йиртса ҳам тест жараёнидан чиқариб юборилади. Бундан ташқари, бу йил абитуриентлар тест синовларини эрта топширганидан қатъий назар белгиланган вақт тугаганидан кейингина бинодан чиқарилади.