Абитуриент, огоҳ бўл: Ўзбекистонда фирибгарлар "мавсуми" авжида

© Sputnik / Александр Кряжев / Медиабанкка ўтишТалабалар
Талабалар - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Йиллар давомида пешана тери меҳнати билан топган пулларини одамлар нима сабабдан фирибгарлар қўлига осонликча тутқазади? Бу нимадан дарак: соддаликданми?.. Спутник мухбирлари мана шу саволга жавоб топишга ҳаракат қилдилар.

ТОШКЕНТ, 14 июл — Sputnik. Мана 20 йилдирки июнь ва июль ойлари Ўзбекистонда ОТМларга киришга аҳд қилган абитуриентларни чув туширишга ихтисослашган фирибгарлар учун "энг қизғин мавсум" бўлиб келмоқда.

Бу каби фирибгарликлар ҳақида ОАВларда қанчалик ёритилмасин, телевидениеда лавҳалар тайёрланмасин, орзуидаги олий ўқув даргоҳига кириш ниятида, ишонувчан абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари фирибгарларга ўн минглаб долларларни ўз қўллари билан топширишда давом этмоқда. Спутник Ўзбекистон мухбирлари бу йил аҳвол қандайлигини билишга ҳамда одамлар нима учун "пихини ёрган" товламачиларга ишонишда давом этмоқда деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилдилар.

Шамол бўлмаса…

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Ўзбекистонда ўқишга кириш учун тест синовлари тартиби жорий қилинган эди. Собиқ Иттифоқ даврида сўнгги 60 йил давомида ида амал қилган оғзаки имтиҳонлардан фавқулодда равишда воз кечилиб, тест синовлари тартибига ўтилиши, бошқалар ҳисобидан бойлик орттиришга устаси фаранг бўлган муайян тоифадаги кишиларда, табиийки, катта қизиқиш уйғотмай қолмади. Энг қизиғи, фирибгарларнинг салмоқли қисмини ушбу ҳолатни чамалаб, зудлик билан йўл-йўриқ топган олий таълим масканлари ходимлари ташкил қилди.

Айнан ўша вақтда ўзбек абитуриентлари ўртасида ўқишга киришда ишлатиладиган, энг муҳим, "бункер" ва "паровоз" сўзлари пайдо бўлди.

Абитуриент-2016 - Sputnik Ўзбекистон
Абитуриентлар учун эслатма!
Биринчи ҳолатда бир гуруҳ домлалар имтиҳон бўлиб ўтадиган кундан бир кун олдин олий даргоҳнинг ертўла ёки бошқа бир кўзга ташланмайдиган хонаси, яъни "бункер"да қулфланиб олиб, кечани ўша жойда ўтказар, эртаси куни эрталаб эса у ерга қўшни хоналарда ўтирган абитуриентлардан йиғиб олинган тест саволлари варақалари олиб кирилар эди. Домлалар бу тестларнинг жавобини топар ва шундан сўнг варақалар абитуриентларга қайтарилар эди. Натижада… Натижада эса домлалар ёрдамида тестни ечган йигит-қизлар энг юқори кириш баллига эга бўлар, домлалар ҳам ўз меҳнатларига яраша ҳақ олар эди — улар ярим йиллик маошлари йиғиндисини бир кечанинг ўзидаёқ ишлашга муваффақ бўлардилар!

Фирибгарлар томонидан ўйлаб топилган айёрона схемалардан бири — "паровоз" деб аталарди. Бунда домлалар ёки ота-оналарнинг ўзлари абитериент ўқишга кирмоқчи бўлган олийгоҳга ҳужжат топширишга рози бўладиган чуқур билимга эга олийгоҳ талабаси ёки магистрантини топар эдилар. Қабул комиссияси ходимлари маълум сумма эвазига ҳужжатлардаги номувофиқликка "кўз юмишга" рози бўлар, имтиҳонларга киритилган "паровоз" аудиторияда ўтириб олиб ота-оналари пул тўлаган абитериентлар учун тест саволларини ечиш билан шуғулланарди.

Ўтган йиллар давомида ўқишда киришда турли фирибгарлик ишларини амалга оширгани учун бутун мамлакат бўйлаб юзлаб олий ўқув даргоҳлари судга тортилди ва содир этган жиноятига яраша жазоланди. Аммо бу ҳам осонликча пул топишга ўрганиб қолган муайян оқимни тўхтата олмади. Фақатгина сўнгги икки ҳафта ичида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан порахўрлик билан боғлиқ бир нечта шов-шувли жиноятлар фош қилинди.

Мисол учун, Фарғона политехника институти деканларидан бири ўқишга киришда "холис" ёрдам қилиш учун бир ота-онадан 7 минг АҚШ доллари олган. У бу ишда "паровоз" схемасидан фойдаланган. Яъни аъло баҳоларга ўқийдиган талабаларни топиб, қабул комиссияси таркибида бўлганлиги боис, уларга тегишли ҳужжатларни сохталаштирган ва бу орқали уларнинг тест жараёнида иштирокини таъминлаган.

Фирибгарликнинг яна бир шакли

Абитуриентларнинг ОТМларга киришларида авж олган порахўрлик тизими билан бир қаторда товламачиликка асосланган схемалар ҳам "гуллаб-яшнар" эди.

Мисол учун, муайян олий ўқув юртларига абитуриентларни тайёрлаш курслари ҳақида эълонларга кўзингиз тушган бўлса керак? Бу ҳолатда схема жуда оддий ишлайди. Товламачилар уларнинг олдига келадиган ота-оналарга фарзандларини ўқишга киритишга ёрдам беришларини айтиб, яхшилаб "ишлов" берадилар. Гап орасида, фирибгарлар ўзларини худди виждонли кишилардек кўрсатиб, барча шартларни олдиндан келишиб оладилар: яъни, ҳар хил ҳолат бўлиши мумкинлиги, агар ёш йигит(қиз) имтиҳондан "йиқиладиган" бўлса, берилган пуллар тўлалигича қайтарилиши айтиб ўтилади. Бу ерда товламачилар "эҳтимоллар" назарияси асосида иш кўрадилар — ўнлаб абитуриентлар орасида кимдир албатта ўз кучи билан ўқишга киради, ва худди шундайларга, улар "ёрдам" туфайли ўқишга киргани айтилиб, пул ундирилади.

Тест синовларида тушиб қолиши мумкин бўлган савол-жавоблар жамланмаси абитуриентлар ўртасида жуда кенг тарқалган фирибгарликнинг яна бир тури ҳисобланади. Ўзбекистонда бу улкан бизнес даражасигача кўтарилган. Имтиҳонлар арафасида шпаркалкалар юз минглаб нусхаларда чоп этилади ва сотилади.

Давлат Тест маркази вакилининг бизга берган хабарига кўра, жуда кўплаб ота-оналар ва абитуриентлар фирибгарлар томонидан ўйлаб топилган бу найранг қурбонига айланишган. Сабаби, фирибгарлар томонидан чоп этиладиган тест савол-жавоблари фақатгина ташқи жиҳатдан имтиҳонда ишлатиладиган савол-жавобларга ўхшаши мумкин. Аслида эса бу тўпламлар абитуриентларни чалғитади, уларда ёлғондан гўё имтиҳонга тайёрдек таассурот уйғотади, энг ачинарлиси саволларга кўпдан-кўп ҳолатларда нотўғри жавоблар берилган бўлади.  Суҳбатдошимизнинг сўзларига қараганда, кириш имтиҳонларида фойдаланиладиган тест саволларини кўриш учун жуда кам кишига рухсат берилади. Шу боис, тест савол-жавоблари имтиҳонга қадар фирибгарлар қўлига чиқиб кетиши мумкин эмас.

Товламачилар томонидан ўйлаб топилган схемаларни шахсан синаб кўришга аҳд қилиб, ўқишга киритиш ваъдаси берилган бир нечта эълонлар бўйича қўнғироқ қилдик. Аммо, энг ғалати томони шундаки, бу рақамларнинг барчаси ёки "хизмат доирасидан ташқарида", ёки вақтинчалик блокировка қилинган бўлиб чиқди. Аммо 20 дақиқалардан сўнг Абдулла исмли аллаким биз билан боғланиб, унга нима сабабдан қўнғироқ қилишганига қизиқиб кўрди. Сабабини айтганимиздан сўнг, ўқишга киришга бажонидил ёрдам беришини айтди.

Абдулланинг сўзларига қараганда, Давлат Тест марказида унинг яқин бир таниши бор бўлиб, у орқали мамлакатнинг исталган олий ўқув даргоҳига кириш имтиҳонларида ишлатиладиган тест савол-жаволарини қўлга киритиш мумкин. Бунинг учун биздан фақатгина электрон кошелёкка пул ўтказиш сўралди. Пул тушиши билан интернет почтамизга тест саволлари вариантлари келиб тушиши ваъда қилинди.

Бу схема кашфиётчилари ҳам, уни амалга оширувчилар ҳам фирибгарлар экани шундоққина аён. Ва бундай схемалар мамлакатимизда сон-саноқсиздир. Спутник Ўзбекистон таҳририяти абитуриентлардан ҳушёрроқ бўлишни сўрайди. Фирибгарлар берадиган ваъдаларга учмай, имтиҳонларгача қолган озгина қимматли вақтингизни яхшиси сизга асқотадиган — китоб мутолаасига сарфланг, деб қоламиз.

Янгиликлар лентаси
0