ТОШКЕНТ, 24 июл — Sputnik. Ўзбекистонда куну-тун фаолият юритадиган "O‘zbekiston 24" телеканали ишга туширилди.
"O‘zbekiston 24" бутун республика бўйича ўз фаолиятини ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб боради. Телеканал эфирида республиканинг ички ва ташқи сиёсатига доир янгиликлар, репортажлар ва бошқа дастурларни томоша қилиш мумкин бўлади.
Сўнгги хабарларга кўра, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва ўз блогларидаги чиқишлари орқали кўпчиликнинг эътиборига тушган блогерлар, интернет-журналистлар 23 июл куни "O‘zbekiston 24" телерадиоканали фаолияти билан яқиндан танишдилар.
"Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати раҳбари Асад Хўжаев ва Ўзбекистон МТРК раисининг биринчи ўринбосари Бобур Алихоновлар 24 июлдан ўз фаолиятини бошлайдиган информацион-таҳлилий телерадиоканал ва унинг имкониятлари, режалар борасида меҳмонларга маълумотлар беришди", — дейилади телеканал сайтида берилган хабарда.
Блогерлар замонавий студия, эфирга узатиш тизими фаолияти билан биринчи бўлиб танишиш имкониятига эга бўлишди. Шунингдек, телекўрсатувларни монтаж қилиш, Uzbekistan24.uz сайти фаолияти, шунингдек, O‘zbekiston радиоканалининг ижодий ишлаб-чиқариш жараёнларидан бохабар бўлишди.
Эслатиб ўтамиз, "O‘zbekiston 24" телерадиоканали 2017 йилнинг 24 июль куни, соат 10.00 дан эфирга узатилди.