ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати 2017 йил 13 июл куни "Тошкент-Самарқанд" тезюрар темир йўли участкаси бўйлаб жойлашган аҳоли пунктлари архитектура қиёфасини яхшилаш ва бу ерга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.
Қарорда аҳоли турар жойларини капитал таъмирлаш, томларини алмаштириш, уй фасадларини қайта таъмирлаш ҳамда замонавий темир панжаралар ўрнатиш тўғрисидаги топшириқлар баён этилган. Қайта таъмирлаш ишлари 3 минг ортиқ уйларда амалга оширилади. Ушбу ишларни амалга ошириш учун 33 млрд сўм сарф этилади. Барча ишлар 2017 йил 1 октябрга қадар якунланиши зарур.
Бундан ташқари, темир йўл бўйлаб Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича 629 та янги арзон турар-жойларни қуриш режалаштирилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат — бу кўприклар ҳамда йўл ўтказгичларнинг жорий таъмирлаш ишларини якунлаш, шунингдек, «Тошкент-Самарқанд» тезюрар темир йўлига яқин жойлашган эскирган йўл белгиларини алмаштириш, манзарали дарахтларни экиш, мелорация ва ирригация объектларини тартибга келтириш бўйича вазирлик ва идораларга топшириқлар берилди.