TOШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ангрен шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда президентнинг расмий веб сайтида хабар берилмоқда.
Шавкат Мирзиёев "Ангрен" эркин иқтисодий зонасида конвейер ленталари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва автомобиль шиналари ишлаб чиқариш лойиҳаси ижросининг бориши билан танишди.
Бу завод мамлакатимиз иқтисодиёти учун жуда муҳим аҳамиятга эга, деди президент. Бу ерда жаҳон стандартларига мос, юқори сифат ва кенг номенклатурадаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Одамлар барқарор даромад манбаига эга бўлади, ҳаётдан рози бўлиб яшайди.
Лойиҳага кўра йилига 100 минг погон метр конвейер лентаси, 200 мингта қишлоқ хўжалиги техникаси шинаси, 3 миллион дона автомобиль шинаси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Завод ишга тушгач 1 минг 200 га яқин киши иш билан таъминланади. Ёшлар замонавий технологияларни эгаллаб, малакали кадр бўлиб шаклланади. Ҳозиргача 68 мутахассис Хитойда малака ошириб қайтди.
Давлат раҳбари корхона учун мутахассисларни аниқ, манзилли асосда тайёрлаш, хомашёни маҳаллийлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Хитойнинг "Поли текноложи" компанияси билан ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, янги имкониятларни кашф этиш, ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни чуқурлаштириш бўйича "Ўзкимёсаноат" акциядорлик компанияси билан 10 йиллик стратегия ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Шу ерда қурилиш материаллари, автомобилсозлик, электр техникаси ва нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш, "Ангрен" эркин иқтисодий зонасида истиқболли лойиаҳаларни амалга ошириш, Тошкент вилоятидаги бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.
Президент бу лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигига эътибор қаратди, хомашёси ва бозорини суриштирди. Корхоналарнинг оёққа туриб олишига кўмаклашиш, энергия сарфини камайтириш орқали маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, одамларни иш билан таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев хорижлик инвесторлар билан суҳбатлашди.