TOШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Энди дорихонада товар чекини бериш имкони бўлмаса, товар чеклари китоби юритилади, деб хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот-хизмати.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармаси бўлим бошлиғи Муҳаббат Ибрагимованинг айтишича эндиликда свет йўқлиги ёхуд ускуна носозлиги чек бермаслик учун баҳона бўла олмайди.
"Айрим дорихоналарда ускуна носозлиги ёки бошқа бирор сабаб туфайли товар чеки берилмаслиги ҳолатлари қайд этилаётган эди. Бу эса дори воситаларининг чекланган нархларда сотилиши ва сифати устидан истеъмолчи назоратининг сусайишига олиб келаётганди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотишда фойдаланиладиган товар чеклари китоби шаклини тасдиқлаш вазифаси белгиланди. Ушбу китоб қатъий ҳисоби юритиладиган бланк ҳисобланади ва ундан товар чекларини бериш бўйича асбоб-ускуналар мавжуд бўлмаган ёки носоз бўлган ёхуд электр энергияси вақтинча ўчирилган ҳоллардагина фойдаланилади", — деди Ибрагимова.
Қайд этилишича, ушбу бланкда ҳам товар чекида қайд этилувчи маълумотлар тўлиқ акс этади.
Яъни унда:
— Дори воситаси ёки тиббиёт буюмининг номи;
— Идентификация маълумотлари (номи, дозаси, қадоқлаш, миқдори);
— Уларни берувчи шахсга оид маълумотлар;
— Бериш санаси;
— Нархи.