ТОШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 июль куни «Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини имзолади. Қарор матни Жаҳон ахборот агентлиги томонидан келтирилган.
Фуқароларни арзон нархларда зарур дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсати самарали амалга оширилишининг муҳим шарти ҳисобланади.
Соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳолини арзон дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, шунингдек уларнинг нархларини сунъий ошириб юбориш ҳолатларининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан улгуржи савдо учун — сотиб олинган қийматнинг 15 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда, чакана савдода эса — улгуржи нархнинг 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда чекланган савдо устамалари белгиланди.
Фармацевтика саноатини ривожлантириш мақсадида тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилди, маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотларни кенгайтириш ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш учун маҳаллий дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқарувчиларга солиқ ва божхона имтиёзлари берилди.
Шу билан бирга, аҳолини зарур дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш аҳволига салбий таъсир кўрсатувчи бир қатор жиддий хато ва камчиликлар кузатилмоқда:
— амалдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини импорт қилишдаги ортиқча тартиб-таомиллар уларни етказиб бериш муддатларининг сунъий кечиктирилиши ва ички бозордаги тақчиллиги юзага келишига олиб келмоқда;
дори воситалари ва тиббиёт буюмларига бўлган эҳтиёжни белгилаш бўйича аниқ механизмларнинг мавжуд эмаслиги импорт ва маҳаллий ишлаб чиқариш мувозанатини таъминлаш ҳамда маҳаллий корхоналар томонидан фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни прогноз қилиш имконини бермаяпти;
— фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг етарли даражада маҳаллийлаштирилмаганлиги маҳаллий фармацевтика корхоналарининг импорт хомашёси ва материалларига юқори даражада қарамлигини юзага келтирмоқда, оқибатда дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг нархлари кескин ошмоқда;
— дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш учун лицензия бериш бўйича ҳудудий комиссияларининг фаолияти тўғри йўлга қўйилмаган, бу лицензия талаб ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг тақчиллиги вужудга келишига йўл қўймасликка қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Қарорга мувофиқ 2017 йил 1 августдан бошлаб ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини четдан харид қилиш фақатгина "Ўзмедэкспорт" республика ташқи иқтисодий давлат корхонаси томонидан амалга оширилади.
Ушбу корхонага ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини жорий йилнинг иккинчи ярмида қўшимча эҳтиёждан келиб чиқиб етказиб берилишини таъминлаш топширилди.
Бундан ташқари, тиббиёт маҳсулотларини сертификатлаш сифатини янада ошириш мақсадида ушбу фаолиятнинг фақатгина давлат сертификатлаштириш органлари томонидан амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Дорихоналар фаолиятини ташкил этиш бўйича янгидан жорий этилган талабларга асосан уларнинг дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш бўйича амалдаги лицензиялари 2018 йил 1 январга қадар қайта расмийлаштирилиши шартлиги белгиланди. Бунда қайта расмийлаштириш янги лицензияловчи орган — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.
Ушбу мақсадларда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тузилмасида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш соҳасида лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш шўъбалари ташкил этилмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш даражасини ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ижтимоий дорихона тармоқлари ташкил этилиб, аҳолига дори воситалари ва тиббиёт буюмларини белгиланган нархларда сотиш уларнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.
Умуман олганда, қабул қилинган қарор фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, аҳолини арзон нархларда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга салбий таъсир кўрсатаётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш имконини беради.