TOШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Фарғона вилоятининг Шоҳимардон қишлоғида яшовчи уч ёшли Афифа дунёнинг 183 давлатини пойтахтлари билан санаб беради ва харитадан кўрсатиб бера олади, дея хабар беради Ўзбекистон ҳукумати расмий портали.
"Афифа энди тили чиқа бошлагандаёқ унинг хотираси қанчалик кучли эканлигини тушунганман. У қандай эртак айтиб берилса, болаларга хос тилда тўлиқ қайта ҳикоя қиларди", дейди унинг онаси Маҳлиё Қўшоқова.
Унинг айтишича, бувиси унга давлатлар номи, уларнинг пойтахтлари ҳақида гапириб берган. Қизалоқ барчани лол қолдириб, худди ўша тартибда бирма-бир қайтарган. Кейин глобусдан мамлакатлар жойлашувини тушунтирганида, Афифа ҳеч қийналмасдан ўша давлат ва унинг пойтахтини кўрсатиб номини айтган.
Қизалоқ дунё харитасидаги 183 давлатни хатосиз кўрсатиб бера олади.