TOШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Human Rights Watch (HRW) ташкилоти август ойида Ўзбекистонга ташриф буюради, деб таъкидлади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов "Ўзбекистон — Европа Иттифоқи" ҳамкорлик кенгаши йиғилиши якуни бўйича ўтказилган матбуот-анжумани давомида.
Вазир шунингдек, ташкилотнинг ижрочи директори Кеннет Рот билан яқиндан мулоқот қилиб келаётганини таъкидлаб ўтган.
"Шунга ўхшаш бошқа ташкилотлар ҳам келишади, улар билан ҳамкорлик қиламиз, кун тартибидан яширадиган ёки чиқариб ташлайдиган нарсамиз йўқ", — деган Камилов.
Аммо вазир уларнинг келиши Ўзбекистон "улар қўядиган барча талаб ва шартларга рози" деган маънони англатмаслигини қўшимча қилган.
Европа Иттифоқи билан ўзаро ҳамкорлик ҳақида гапирар экан, Камилов "айрим ўта муҳим масалаларда икки томоннинг қарашлари тобора мос тушаётганини" айтиб ўтган. Гап Ўзбекистондаги демократик ўзгаришлар, инсон ҳуқуқлари ва умуман сиёсий ислоҳотлар ҳақида бормоқда.
Томонлар ўртасида кенгқамроқли алоқалар йўлга қўйилган, деб фикр билдирган Камилов.