ТОШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Ўзбекистоннинг Москвадаги Элчихонаси берган маълумотга кўра Колпино шаҳрида юз берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлган 7 нафар Ўзбекистон фуқароларининг жасадлари Санкт-Петербург ҳокимияти идоралари ҳамда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси кўмагида 2017-йилнинг 17-июл куни Урганч шаҳрига олиб келинди.
Жасадларнинг шахсини тасдиқлаш, вафот этганлик тўғрисидаги гувоҳномаларини расмийлаштириш жараёнлари якунига етди ва тергов органларидан жасадларни транспортировка қилишга рухсат олинди.
Ҳозирги вақтда ёнғин сабабларини аниқлаш бўйича тергов ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ РИА Новости халқаро ахборот агентлиги Санкт-Петербургда катта ёнғин юз бергани ва ҳодиса оқибатида 7 нафар Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлишгани ҳақида хабар тарқатган эди.