TOШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Қирғизистон президентлигига номзодларнинг бир нечтаси ҳозирда тергов изоляторида ўтирибди, деб хабар қилди Sputnik Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Абдижапар Бекматовга асосланиб.
Унинг айтишича, МСКга номзодлардан ариза тушиши билан уларнинг судланганлиги бор-йўқлиги ҳақида маълумот олиш учун ИИВга мурожаат қилинади.
"Айни пайтда Омурбек Текебаев, Игорь Трофимов ва Куттубек Бешбаков тергов изоляторида сақланмоқда", — деди Бекматов.
Омурбек Текебаев 2010 йилдаги апрел воқеаларидан кейинги вақтинчалик ҳукумат аъзоси бўлган даврида коррупция билан шуғулланганликда айбланмоқда. Россиялик бизнесмен Леонид Маевскийнинг таъкидлашича, у "Альфа Телеком" бошқарувига рухсат бериш учун бир миллион доллар пора олган. Ушбу ҳолат бўйича Омурбек Текебаев ва Дуйшенкул Чотоновлар ҳибсга олинган.
Фуқаро фаоли Игорь Трофимов шу йилнинг май ойида ҳибсга олинган. Унга Қирғизистон Жиноят кодексининг 299-моддаси (Миллий, ирқий, диний ёки ҳудудлараро адоват уйғотиш) бўйича айбдов эълон қилинган.
Тадбиркор Куттубек Бешбаков Жиноят кодексининг 166-(Товламачилик) ва 171-моддалари (Ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш) бўйича айбланмоқда.
Бекматовнинг қўшимча қилишича, даъвогарлар ҳозирча номзод ҳисобланишмайди – рўйхатга олиш 1 августдан бошланади.