ТОШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Айни пайтда бутун дунёда миграция жараёнлари ва қидирув фаолиятини назорат қилишда электрон ахборот тизимлари ва маълумотлар базасидан кенг фойдаланилмоқда. Ўзбекистонда ҳам шундай тизимлар фаол жорий этиляпти, деб хабар қилди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот-хизмати.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси тизимида электрон ахборот тизимлари бошқармаси ташкил этилади.
Давлат хизматлари, жумладан, биометрик ҳужжатлар бериш, хорижга чиқиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш ва расмийлаштириш, доимий ва вақтинча пропискага қўйиш, яшаш жойи бўйича ҳисобга олиш, шунингдек, Ўзбекистонга кириш ва чиқиш, фуқароликка қабул қилиш, фуқароликдан чиқиш ва фуқароликни йўқотиш соҳасида интеграциялаштирилган маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш бошқарманинг асосий вазифаларидандир.
Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича туман ва шаҳар бўлимлари фуқароларни паспорт тизими масаласи бўйича қабул қилишни электрон тартибга солиш учун зарур ускуна ва дастурий таъминот билан босқичма-босқич жиҳозланади.
"Зеро, замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши миграция жараёнлари ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг муҳим йўналишидир", — деб таъкидланган хабарда.