ТОШКЕНТ, 16 июл — Sputnik. "Одноклассники"даги танишув туфайли 20 ёшли йигит етти йилга қамалди, деб хабар қилди "Зарафшон" газетаси.
Жонибек интернетдаги танишлари билан янада яқинроқ дўстлашади. Холид — фарғоналик, 19 ёшда. У Жонибекни гўзал ҳаёт, бахтли яшаш қоидалари ҳақида айтиб, ром қилади. Шу тариқа Сурия давлатида мусулмонлар халифалик давлати барпо этиш мақсадида кофирларга қарши курашаётгани, ўзини мусулмон деб ҳисоблаган ҳар бир фуқаро бу йўлда жанг қилмоғи, курашмоғи зарурлигини айтиб, Жонибекни ишонтиради. Холид уни ўзига яқин дўст деб билиб, Абдулло деган устози билан таништиради. Фикр ва қарашлари бир бўлган Абдулло ҳам уни жиҳод қилишга даъват этади.
Ижтимоий тармоқлар орқали жиҳодга чорловчи аудио ва видео материалларни Жонибекнинг телефонига жўнатиб, ўзларининг сафига қўшилишга ундайди. Жонибек видеоларни кўриб таъсирланади, Суриядаги мусулмонларга ёрдам бериш лозимлигини ўйлайди, у ёққа боришга қизиқади.
Холид билан Абдулло уни Москва шаҳрига таклиф қилиб, шу ердан ўйлаган ниятлари йўлида бирга ҳаракат қилишларини, Сурияга боришда ёрдам беришини айтганда, Жонибек ўйга чўмади. Иккиланиб, юртига қайтишга аҳд қилади.
"Санкт-Петербург- Тошкент" йўналишидаги автобусда Ўзбекистонга жўнайди. Қозоғистоннинг Чимкент вилоятидаги Ўзбекистон билан чегара постига етиб келганида божхона постидан ўтаётганида телефон аппарати ва ундаги флеш карта хотирасида сақланаётган жиҳодга чорловчи аудио ва видео материалларни божхона ходимларига айтмасдан яширади.
Эртаси куни Жонибек телефонида хавфли ўйинлар борлиги эсига тушиб, Меҳрождан флеш картани олиб ўзининг телефонига ўрнатади. Лекин жўрасининг "Nokia" телефони хотирасида хавфли ўйинлар ёзилиб қолганди.
Бундан хабар топган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Жонибек Юсуповни инкор этиб бўлмас далиллар билан қўлга олишди.
Ўйиндан ўт чиқди, деб шуни айтадилар. Жонибек ёшлик-ғўрлик қилиб, ўзи билмай, тушунмай, ёт ғоялар таъсирига тушиб, телефондаги ўйиндан ўт чиққанини сезмай қолди. Суд уни 7 йилга озодликдан маҳрум этди.