ТОШКЕНТ, 15 июл — Sputnik. Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси хорижий мамлакатларда илк бор савдо уйларини очади. Бу ҳақда 14 июл куни "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудова Халқаро Пресс-клуб янги шакли — Пресс-кофе мулоқот давомида маълум қилди, деб ёзади "Даракчи".
Ушбу савдо уйларини очишдан асосий мақсад рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи тадбиркор-аёлларга амалий кўмак бериш, шунингдек етарли тажриба ва билимга эга бўлмаган тадбиркорларга ташқи бозорларга маҳсулотларни олиб чиқишга қулай имконият яратишдир.
Тез кунларда биринчи савдо уйи Тожикистонда очилади. Шунингдек, яна 2 та савдо уйи Россия ва Болгарияда ташкил этилади.
Бу савдо уйлари ташкил этилиши билан биринчи галда республикада тўқимачилик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар хорижда ўз харидорларини топадилар.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси яна бир неча лойиҳалар бўйича иш олиб бормоқда. Жумладан, 150 аёл "Европада малака ошириш ва бошқарув маҳоратини ривожлантириш" ҳақидаги ўқув курсларда таҳлил оладилар. Ушбу тингловчилардан энг яхши 20 нафар аёлга Европа мамлакатларида жойлашган энг йирик ишлаб чиқариш корхона фаолияти билан яқиндан танишиб чиқиш имконияти берилади.
Шу билан бирга, Халқаро Пресс-клуб йиғилишида уюшма аъзолари бошқа режалар билан ҳам ўртоқлашдилар. Улардан асосийлари: тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга аёлларни кенг жалб қилиш, уларни ўқитиш ва ҳуқуқий ёрдам бериш, таълим лойиҳалари ва халқаро кўргазмаларда иштирок этиш натижасида тажрибаларни ошириш, шунингдек, бизнес-сайёҳлик, аёллар учун янги иш ўринларни яратишни қўллаб-қувватлаш вазифаларидир.