ТОШКЕНТ, 14 июл — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Cанкт-Петербургдаги ёнғинда ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида маълумот олмоқчи бўлиб қўнғироқ қилган журналист саволига жавобан Хоразм вилояти ҳокимлиги вакили "Ахборот хизмати тугаб кетганидан хабарингиз борми?", деб айтди.
Хабарда, жумладан, "Ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаролари тўғрисидаги маълумот уларнинг оила-аъзоларини хабардор қилиш мақсадида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги бўлинмалари ва Хоразм вилояти ҳокимлигига етказилди", деб айтилган эди.
Спутник Ўзбекистон мухбири юқорида ёзилган хабар асосида бугун эрталаб Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот-хизмати билан боғланди. Улардан "бизнинг хабаримиз йўқ бу ҳодисадан", деган жавобни олгач Янгиариқ тумани ҳокимлиги вакиллари билан боғланди. (Ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароларининг барчаси Янгиариқдан бўлгани учун).
Янгиариқ тумани ҳокимлиги ходимлари Спутник Ўзбекистон мухбиридан ҳалок бўлганлар рўйхатини номма-ном айтиб беришни сўрашди.
Барча маълумот ёзиб олингач, "Таган" ҚФЙ хотин-қизлар қўмитасида ишлайдиган Зулфия исмли аёлнинг телефон рақамини беришди.
Журналистнинг кун давомида Зулфия опа билан боғланишга бўлган уриниши бесамар кечди.
Шундан сўнг журналист Хоразм вилояти ҳокимлиги ахборот хизматига қўнғироқ қилишга қарор қилди.
"Бизнинг бу ҳодисадан хабаримиз йўқ. Мен сизга бу масалада ҳеч қандай ёрдам бера олмайман. Ўзимнинг ишим бошимдан ошиб-тошиб ётибди", — деди журналистнинг илтимосига биноан ҳокимлик ходими.
Ахборот хизмати ўз хизмат вазифасини бажариши керак эмасми, деган саволдан кейин эса "Ахборот хизмати тугаб кетганидан хабарингиз борми?", деган қўрс жавоб янгради.
Унда нега сайтда ахборот хизмати бўлими тугатилмаган, деган саволга "Мана ҳозир тугатиб қўямиз", дея гўшакни қўйиб қўйди.
Тушунишимизча, энди ҳокимлик фаолиятига доир, ёхуд Хоразм вилоятига даҳлдор бўлган хабар, ҳодиса, янгилик юзасидан саволлар туғиладиган бўлса, тўғри ҳокимнинг ўзига мурожаат қиламиз, шекилли.