TOШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бошқа абитуриентларнинг ўрнига ҳужжатларини топширишга уринган сохта абитуриентлар аниқланди. Бу ҳақда UZ24га ЎзМУ қабул комиссияси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 2017 йилнинг 11 июль куни университетнинг Журналистика ва Физика факультетларига 1993 йилда Бухоро вилоятида туғилган Бобур Ҳасанов ва 1998 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган Шахзодбек Ёқубовлар бошқа абитуриентнинг ўрнига ҳужжатларини топширишга уринишган.
Уларнинг бу уринишлари ЎзМУда шу йилдан жорий этилган абитуриентларни назорат қилиш (идентификация) ва бошқариш тизими, шунингдек, юзидан танувчи ва бармоқ излари сканери орқали шахсни аниқлашга қаратилган технология ёрдамида фош бўлди.
"Масаланинг энг қизиқ томони, ҳар икки фуқаро ҳам ўзини "Биз "зиёли снайперлар"миз, ҳеч қандай айб иш қилганимиз йўқ, деб даъво қилишган", дейилади хабарда.
Шу муносабат билан Миллий университет қабул комиссияси барча абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини юқоридаги каби "зиёли снайперлар"нинг тузоғига илиниб қолмасликка чақиради. Шунингдек, юқоридаги янги "ақлли технология" 2017 йилнинг 1 август куни ЎзМУнинг барча факультетларида тўлиқ ишлашини ҳам маълум қилади.