TOШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сергели туманида амалга оширилаётган метро қурилиши билан танишди, деб хабар қилди Ҳукумат портали.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Сергели туманида метро йўлини қуриш ўта мураккаб жарён. Шу боис мазкур йўналишдаги метро ер усти бўйлаб, эстакадалар орқали ташкил этилади. Чилонзор йўналишининг Олмазор бекатидан бошланадиган Сергели йўналишида олтита бекат бунёд этилади.
Мирзиёев янги қурилаётган ер усти метроси ёнидан ўтадиган кўча атрофида икки ва уч қатор дарахт ва гуллар экилиши лозимлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёевга Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Бугун 2017-2019 йилларга қуриб битказилиши кўзда тутилган мазкур йўналишнинг Туркистон бекатида пойдевор қуйиш ишлари олиб борилмоқда.
Янги қурилаётган метро бекатларининг дизайни, деворларига ишлатиладиган қурилиш материаллари, тасвирлардан намуналар намойиш этилди.
Президент бекатлар шинам ва ёруғ бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлади. Бунинг учун ёш дизайнерлар ўртасида танлов ўтказиш керак, деди.