TOШКЕНТ, 8 июл — Sputnik. Таиландда бўлиб ўтган бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати финалига етиб келган 8 нафар ўзбек боксчисидан беш нафари ғалаба қозониб, Осиё чемпиони номига сазовор бўлишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишича, Самандар Ҳолмуродов (49 кг.), Фаррух Илҳомов (69 кг.), Ражаббой Атаназаров (75 кг.), Профсор Роримша (91 кг) ва Лазизбек Мулложонов (91 кг.) лар ўз рақибларини мағлубиятга учратиб, ёшлар ўртасида Осиё чемпионлигини тантана қилган бўлсалар, Абдумалик Ҳалаков (52 кг.), Билолбек Мирзараҳимов (64 кг.) ва Тимур Эргашев (81 кг.) кумуш медаллар билан чекланишди. Шунингдек, 60 кг. вазн тоифасида Саиджамшид Жафаров бронза медали билан тақдирланди.
Натижада ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида 10 та вазн тоифасида рингга кўтарилган боксчилардан тўққиз нафари совриндорлар сафидан жой олишди ва Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 23 мамлакат орасида фахрли биринчи ўринни эгаллади.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мамлакат бокс федерацияси, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ва мураббийлар штабини муборакбод этди ҳамда терма жамоа шарафини 91 кг. вазн тоифасида ҳимоя қилган Профсор Роримша хусусида ижтимоий тармоқларда билдирилган турли фикрларга нисбатан муносабат билдирди.
Олимпия қўмитасининг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда гўёки Рио Олимпия ўйинларида Озарбайжон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган кубалик Лоренсо Сотомайор каби Роримша ҳам Ўзбекистон терма жамоаси таркибига легионер сифатида жалб этилган деган фикрлар янграмоқда.
Қўмита вазиятга аниқлик киритди.
"Биринчидан, спортнинг бокс турида Ўзбекистон ҳеч қандай легионерлар хизматига муҳтож эмас, чунки боксда Ўзбекистон нафақат Осиёда, балки жаҳонда етакчи мамлакатлардан саналади. Буни сўнгги йилларда қайд этилаётган натижалар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Сўнгги икки йилни оладиган бўлсак Рио-2016 Олимпия ўйинларида ҳам, Тошкентда бўлиб ўтган катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида ҳам, бугун Таиландда якунига етган ёшлар ўртасидаги қитъа чемпионатида ҳам Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Иккинчидан, Профсор Роримша асли бухоролик Гуландом Раҳматова ва АҚШ фуқароси Рорумеша Ибрагим Суведиларнинг фарзанди бўлиб, Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади. 1999 йилнинг 24 январида туғилган. Боксдаги биринчи устози Улуғбек Қиличев. Ҳозирда ҳам ушбу мураббий қўл остида Бухорода шуғулланиб келмоқда. Бугунги ғалабасига қадар Профсор Роримша шунингдек, 2015 йилда Тошкентда бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида олтин, худди шу йили Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри мезбонлик қилган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритган. Энди ўз шахсий коллекциясига ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг олтин медалини ҳам қўшиб қўйди.
Биз яқин келажакда Профсордан энди миллий терма жамоа таркибида, катталар ўртасидаги нуфузли мусобақаларда ҳам ана шундай муҳим ғалабаларни кутиб қоламиз ва ишонамизки у ҳали узоқ вақт давомида жаҳонинг энг йирик спорт ареналарида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қила олади", дейилади қўмита томонидан.