TOШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. 2017-йилнинг 6-июл куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ватандошлар билан бўлиб ўтган Тўғридан-тўғри мулоқот якунларига бағишланган ишчи йиғилиш ўтказди, деб хабар қилди маҳкама ўз расмий сайтида.
Хабарда, Камилов қарийб 3 соат давом этган жонли эфир давомида Ўзбекистон фуқаролари ҳаётининг турли жабҳаларига доир, жумладан халқаро сиёсатнинг долзарб мавзуларига оид 39 саволга жавоб берганлиги таъкидлаб ўтилган.
"ТИВда бўлиб ўтган мажлисда Тўғридан-тўғри мулоқот манзилларига келиб тушган барча мурожаатларни бошқа ҳукумат органлари билан ҳамкорликда дарҳол кўриб чиқиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Ҳеч бир хат, ҳеч бир савол эътиборсиз қолмаслиги зарурлиги таъкидланди", — дейилган хабарда.
Шунингдек, айрим муаммоларни ҳал қилиш учун тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш талаб этилиши эслатиб ўтилган.