TOШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига сафари давомида Поп туманидаги "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамиятига қарашли Кўмир брикетлари ишлаб чиқариш заводига ташриф буюрди. Бу ҳақда президент расмий веб сайти хабар берди.
Қиймати 7 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа натижасида йилига 500 минг тонна кўмир брикетлари ишлаб чиқарилади. Корхонада 160 янги иш ўрни яратилган.
Президент брикет ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Маҳсулотнинг нархи, самарадорлиги билан қизиқди.
Заводда кўмир кукуни замонавий технология асосида қайта ишланиб, қуввати юқори моддалар билан бойитилади, ҳид ва зарарли газлардан тозаланади, ташиш учун қулай қилиб қадоқланади. Бу маҳсулот анъанавий энергия манбаларига нисбатан анча арзон ва уни олис ҳудудларга ҳам етказиб бериш мумкин.
Шавкат Мирзиёев завод маҳсулотларини мамлакат ҳудудларига тарқатиш пунктлари ташкил этиш, брикет ва уни ёқишга мос печларни аҳолига етказиб бериш, бунинг учун имтиёзли кредитлар ажратиш кераклигини таъкидлади. Бундай замонавий корхоналарни республиканинг бошқа жойларида ҳам бунёд этиш бўйича тавсиялар берди.
Шунингдек, бу ерда "Ўзқурилишматериаллари" акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Наманган вилоятида 2017-2018 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга 200 миллион долларлик инвестиция йўналтирилмоқда.
"Ҳеч бир вилоятда бу соҳага бунча маблағ ажратилмаган. Бундан мақсад аҳолини арзон, сифатли, кенг турдаги қурилиш материаллари билан таъминлаш, янги иш жойлари очиш. Бундай материаллар кўп ва арзон бўлса, одамлар ўзига уй-жой қуради, янги мактаб ва шифохоналар, корхоналар, йўллар бунёд этилади. Халқимиз фаровонлиги янада ошади", деди давлат раҳбари.
Поп туманида цемент, шифер, асбест қувурлар, бетон ва ярим синтетик мойлаш материаллари, Косонсой ва Янгиқўрғон туманларида цемент, Наманган шаҳрида керамик плита ва сантехника маҳсулотлари, Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Янгиқўрғон туманларида пишиқ ғишт, Чуст туманида пардозлаш тошлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.