TOШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига сафари доирасида Мингбулоқ туманидаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги "Мингбулоқнефть" Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали хабар бермоқда.
Президент ушбу корхона мамлакат иқтисодиётини янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Қурувчилар ва хитойлик мутахассислар билан суҳбатлашди.
"Мингбулоқ конида қидирув ва қазиб олиш" лойиҳаси узоқ истиқболга мўлжалланган кенг кўламли лойиҳа бўлиб, лойиҳа доирасида 4 қидирув-бурғилаш қудуғи ишга туширилади ва 4 мавжуд қудуқ капитал таъмирланади. 25 йилга мўлжалланган ва умумий қиймати 255 миллион доллардан ортиқ бўлган ушбу лойиҳа натижасида Мингбулоқ нефть конидан йилига 200 минг тонна суюқ углеводород қазиб олиш режалаштирилган.
Шунингдек, Наманган вилоятида қуриладиган гидроэлектр станциялари лойиҳаси ҳам намойиш қилинди.
Ўзбекистон президентининг "2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Наманган вилоятида умумий қуввати 38,5 мВт, ишлаб чиқариш қуввати 150,8 миллион кВт соатни ташкил этувчи кичик гидроэлектр станцияларини қуриш кўзда тутилган. Жумладан, Учқўрғон тумани ҳудудида Катта Фарғона каналида кичик ГЭСлар каскадини қуриш режалаштирилган.
Президент сувдан энергия олиш табиат инъом этган имконият экани, бундай энергия қайта тикланиши, экологик тозалиги ва арзонлиги билан афзал бўлишини таъкидлади. Хитой тажрибаси асосида мамлакатнинг барча ҳудудида кичик гидроэлектр станциялари қурилиши, келгусида электр таъминотининг катта қисми ушбу манбалар ҳисобидан қопланишини қайд этди.
Сув тозалаш иншоотлари барпо этиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш қамровини кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада тизимли ёндашув зарурлиги таъкидланди, мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.