ТОШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 июнда қабул қилинган 449-сон қарорига мувофиқ, "Биржадан ташқари валюта бозорида хорижий валютани харид қилиш ва сотиш операцияларини ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низомга ўзгартиришлар киритилди, деб хабар берди айрим маҳаллий ОАВ ва интернет нашрлар.
Лекин ҳозирча ушбу қарор ҳеч қандай расмий наршда чоп этилмаган. Шунингдек, Марказий банк Ахборот хизмати ушбу янгилик ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирган.
Маълумот учун, шу пайтга қадар Низомнинг 43-бандида "Биржадан ташқари валюта бозоридаги операциялар сўнгги банклараро савдо сессиясида хорижий валютага бўлган талаб ва таклиф асосида шаклланадиган эркин курс бўйича амалга оширилади" деб белгиланган эди.
Ушбу масала бўйича интернетда қуйида фикрлар билдирилмоқда:
"Қизиқ, энди доллар курси — 10 000 сўм бўлади шекилли?" — деб ёзган Сергей Беженцев.
"Бу қора бозор қонунийлаштирилди дегани. Валютафурушлар энди банкирлар" — деб изоҳ ёзган Ш.Кирязова.
"Қани мана шундай пайтда илмий жиҳатдан таҳлил қилиб берадиган иқтисодчиларимиз борми? Бу қарордан кейин яқин йилларда қандай иқтисодий ҳолат кузатилади. Қандай таъсир кўрсатади. Нималарнинг нархи ошади, нималарни нархи камаяди?", — деб қўшимча қилди Ахмаджон Камолов.
Интернет фойдаланувчилари орасида ушбу хабарга эринмай "фотожабалар" чиқарганлари ҳам жуда кўп бўлди.
Жумладан, Фейсбук ижтимоий тармоғида бу хабар чапак чалишлар билан қарши олинди.