TOШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Тошкентда автомобил фирибгарлиги ҳолати қайд этилди, деб хабар қилди Тошкент шаҳар ИИББ матбуот-хизмати.
Хабарга кўра, 2016 йилнинг 19 августида Икромов Дониёр(исмлар ўзгартирилган) исмли шахс Юнусобод тумани ҳудудида фуқаро Худайбергенова Фариданинг ишончига кириб, унга икки ой давомида "Орландо" автомобилини олишда ёрдам беришни ваъда қилади. Ва бу "хизмати" эвазига аёлдан 10 минг АҚШ доллари миқдорида пул олади.
"Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик, яъни ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда", — дейилади хабарда.