TOШКЕНТ, 3 июл — Sputnik. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва "Донской текстил" МЧЖ ўртасида Ўзбекистон фуқароларини корхонада ишлашга жалб этиш бўйича келишув имзоланди. Бу ҳақда агентликнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар қилинди.
Хабарда айтилишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида Россиянинг "Xимпэк" компаниялар гуруҳи делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
"Химпэк" компаниялари гуруҳи Россияда "PortaBulk" контейнерлари, корхоналар учун кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи етакчи компания ҳисобланади.
Учрашув давомида ходимлар билан ишлаш бўйича директор Т. Андреева "Xимпэк" компаниялар гуруҳи ва унинг Ростов вилоятидаги фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Бу ерда гуруҳ таркибига кирувчи мебель ишлаб чиқарувчи ва тикувчилик корхоналари жойлашган. "Донской текстиль" тикувчилик корхонаси Ўзбекистондан уюшган ишчи кучини жалб этиш бўйича Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорлик қилишни режалаштирган. Ҳозирда мазкур корхонада 15 нафар ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда.
Т. Андрееванинг айтишича, корхона ходимларни яшаш учун барча шароитлар — кенг турар-жойлар, телевизор ва микротўлқинли печлар қўйилган ошхоналар, замонавий кир ювиш машиналари билан жиҳозланган кирхоналарга эга бепул ётоқ билан таъминлайди.
Корхона йил давомида ишлаган тақдирда ўз ҳисобидан сафар харажатларини қоплаш, ходимнинг бўлажак маоши ҳисобидан патент расмийлаштиришни зиммасига олишга тайёр.
Учрашув давомида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва "Донской текстил" МЧЖ ўртасида Ўзбекистон фуқароларини корхонада ишлашга жалб этиш бўйича келишув имзоланди.