ТОШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қарори билан ташкил қилинган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкилотининг ҳуқуқий мақоми, унинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва нуфузини, обрў-эътиборини оширишга алоҳида эътибор қаратилади, деб хабар қилди Ўзбекистон раҳбари матбуот-хизмати.
Ташкилотнинг Қорақалпоғистондаги кенгаши раиси Республика Жўқорғи Кенгеси раисининг, вилоят, туман ва шаҳар бўлинмаларининг раҳбарлари эса тегишли ҳокимларнинг ёшлар сиёсати бўйича маслаҳатчилари этиб тайинланади.
Шавкат Мирзиёев "Камолот" ЁИҲ IV қурултойида сўзлаган нутқида "Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш наинки Президент девони, балки барча бўғиндаги давлат органлари раҳбарларининг доимий ишига айланиши зарур. Бундан буён бу соҳада аниқ тизим асосида иш олиб борамиз", — дея алоҳида қайд этиб ўтди.
Хабарда айтилишича, жойларда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, суд, прокуратура, ички ишлар органлари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими ташкилотлари ёшлар билан доимий мулоқотни йўлга қўядилар, уларнинг олдида мунтазам равишда ҳисобот бериб борадилар.
"Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг жойлардаги кенгашлари раислари ва фаоллари албатта сайловларда иштирок этиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига, керак бўлса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланади", — деб таъкидлади Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, 30 июнь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси этиб Қаҳрамон Қуронбоев сайланди.