ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда самарали ва конструктив минтақавий сиёсат олиб бормоқда, деган хулосага келди АҚШнинг нуфузли тадқиқот марказларидан бири "Jamestown Foundation". Бу ҳақда "Жаҳон" АА хабар бермоқда.
"Ушбу мамлакат билан ҳамкорлик кўламини кенгайтириш Ўзбекистон раҳбариятининг турли даражадаги алоқаларни йўлга қўйиш борасида янгича қарашларга эга эканининг натижасидир, — деб ёзади "Jamestown Foundation". — Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг афғон ҳамкасби билан тўғридан-тўғри шахсий, шу жумладан, халқаро форумлар саҳнасидаги алоқасини ёқлайди". Шу ўринда иккала давлат раҳбарининг шу йил 8 июн куни бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг Остона саммити доирасидаги барча йўналишларда шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган учрашуви ёдга олинади.
Марказ шунингдек, 2017 йил январ ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Кобулга ташриф буюргани ва Афғонистон раҳбарияти билан музокаралар олиб боргани ҳақида тўхталади.
Ўзбекистоннинг мазкур давлат билан алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш масаласида қатъийлигининг яна бир мисоли сифатида жорий йилда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили лавозимининг ташкил этилганига эътибор қаратилади. "Jamestown Foundation" мутахассисларининг эътироф этишларича, "бу расмий Тошкентнинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларда фаол ўрин тутишини намоён этади".
Мақолада Ўзбекистон Ташқи савдо вазири Элёр Ғаниевнинг сўзларидан иқтибос келтирилиб, иккала мамлакатда ҳам ўзаро товар айланмасини айни кундаги 500 миллион АҚШ долларидан 2017 йилнинг охирига қадар 1 миллиардга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлиги ҳақида хабар берилади.
"Шу йилнинг январ ойида Кобул шаҳрида Ўзбекистон Савдо уйи очилди ва бу ерда мунтазам равишда Афғонистонга шимолий қўшни давлатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилади, — дейилади мақолада. — Дарвоқе, Ўзбекистон Афғонистон билан темир йўл орқали боғланган ягона давлат ҳисобланади ҳамда бу йўл орқали ўлкага нефт ва газ саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалик техникалари, дори-дармонлар ва бошқа товарларни етказиб берилади".
"Тошкент Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой газ қувури қурилишида орттирилган улкан тажрибага эга, — дейилади мақолада. — Айни пайтда, ўзбек компаниялари иштирокида Афғонистонда учта йўналиш қурилган". Шундан келиб чиққан ҳолда, америкалик мутахассислар хулосасига кўра, Ўзбекистон ушбу мамлакатда яна битта кенг кўламли лойиҳани амалга ошириши учун етарли тажриба ва кўникмага эгадир.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.