TOШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида Тошкент гарнизони ҳудудидаги ҳарбий қисм ва муассасалар ҳарбий хизматчиларининг оила аъзолари учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди, деб хабар қилди Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот-хизмати.
"Фуқароларга бўш иш ўринлари ва меҳнат қонунчилигидаги имтиёзлар тўғрисида маълумот берилди. Тижорат банклари ходимлари томонидан коллеж битирувчиларига имтиёзли кредит ажратиш шартлари бўйича тавсиялар берилди", — дейилади хабарда.
Шайхонтоҳур тумани бандликка кўмаклашиш маркази маълумотига кўра тумандаги корхона ва ташкилотларда 1 минг 600 дан ортиқ бўш иш ўрни мавжуд бўлиб, иш сўраб мурожаат қилаётган фуқаролар мутахассислиги бўйича корхона ва ташкилотларга бириктирилиб, йўлланма берилган.
Ҳарбийларнинг турмуш ўртоқлари шаҳар тиббиёт муассасалари, таълим даргоҳларидаги мавжуд бўш иш ўринларига қизиқиш билдирмоқда, деб қайд этилган хабарда.
Ярмаркага ишга жойлашиш мақсадида келган Буванбар Суярова таклиф этилаётган иш ўринлари, меҳнат шароити билан яқиндан танишгач, ўз мутахассислиги — математика фани ўқитувчиси сифатида Миробод туманидаги 147-умумтаълим мактаби йўлланма олган.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.