TOШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Бугун Душанбеда МДҲ мамлакатлари ИИВ Кенгаши мажлиси бўлиб ўтмоқда, деб хабар қилди Sputnik Тожикистон ИИВ матбуот хизматига асосан.
ИИВК мажлисида иштирок этиш учун Тожикистон пойтахтига Озарбайжон, ИИ вазири генерал-полковник Рамиль Усубов, Беларуссия ИИ вазири милиция генерал-лейтенанти Игорь Шуневич, Қозоғистон ИИ вазири — полиция генерал-полковниги Калмуханбет Касымов, Қирғизистондан милиция полковниги Улан Исроилов, Россиядан полиция генерали Владимир Колокольцев ва Ўзбекистондан генерал-майор Абдусалом Азизовлар келишган.
Мажлисида ички ишлар вазирлари жиноятчиликка қарши кураш, тезкор қидирув фаолиятида ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиши режалаштирилган. Шунингдек, халқаро террорчилик, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва ҳуқуқни сақлаш борасидаги бошқа қўшма тадбирлар ҳақида олдин эришилган келишувларни амалга оширилиши масалалари муҳокама қилинади.
Келажак изланишлари маркази раҳбари Сергей Масаулов айтишига қараганда, экстремизмга қарши кураш учун МДҲ ҳудудида анча жиддий чоралар кўрилмоқда, МДҲнинг аксарият мамлакатларида сиёсий экстремизм хавфини тўхтатишга кучи етадиган сиёсий тизимлар шаклланган.
"МДҲ ҳудудида ёшларни сиёсий мақсадда ишлатилиши мумкин бўлган, айрим хавфли ҳудудлар мавжуд. Бу борада ўз мамлакатидан эмас Россия ёки бошқа жойдан иш излашга мажбур бўлаётган Марказий Осиё ёшларининг аҳволи жуда қалтис. Ёшлар сиёсий экстремизмдан терроризм томонга ўтиб кетмоқда. Энг хавфли вазият — мана шу ерда. Шу ерда дарҳол иш бошлаш керак", — деди эксперт.
МДҲда давлатлар ва ташкилотлар томонидан экстремизм ва терроризмнинг олдини олишга қаратилган жиддий қадамлар қўйилмоқда. Фуқаролик жамоасини бирлаштиришга қаратилган жиддий ишлар қилинмоқда. Диний тузилмалар билан ишловчи махсус ташкилотлар яратилган. Ушбу ишнинг самараси ҳали кўринмаётган бўлсада, лекин иш олиб борилмоқда.
Россия Федерал Жазо Ўташ Хизмати (ФСИН) бошлиғи ўринбосари Валерий Максименко МДҲда экстремизм ва терроризм учун судланган ва қамоққа олинган шахсларнинг ягона маълумотлар базаси ташкил қилинишини ва бу уларни жиноий жазога тортиш масалаларини янада самаралироқ ҳал қилишини таъкидлади. Террорчи ва экстремистлар маълумотлар базаси ФСИН ва МДҲ Аксилтеррор Маркази билан ҳамкорликда 2017 йилда ишлаб чиқарилади.