ТОШКЕНТ, 27 июн — Sputnik. Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган "Мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш қоидалари" янги таҳрирдаги лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокамаси порталида умумий муҳокамага қўйилган.
Шунингдек, лойиҳага асосан мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш оператор билан бирга, янги иштирокчи — дилер татбиқ этиш кўзда тутилмоқда.
Мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузишдан олдин оператор (ёки дилер) ушбу абонент билан илгари тузилган амалдаги шартномаларнинг мавжудлигини маълумотлар базаси билан солиштиради.
Янги қоидаларнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, операторнинг бешта ва ундан ортиқ рақамларига эга бўлган абонент – жисмоний шахс билан мобиль алоқа хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш фақат операторнинг хизмат кўрсатиш пунктларида амалга оширилади. Юридик шахс билан эса шартномани тузиш учун ушбу миқдордаги рақамларга эҳтиёжни ёзма равишда асослаб берилганда ва операторнинг хизмат кўрсатиш пунктларида амалга ошириш мумкин бўлади.
Лойиҳада қуйидаги янги тушунчалар киритиш таклиф қилинган: мобиль алоқа тармоғи операторининг дилери, ўзини-ўзи обрўсизлантирган дилер, лицензиянинг амал қилиш зонаси, пассив абонент, хизмат кўрсатиш пункти, дилернинг хизмат кўрсатиш пункти, шлюз (тармоқлараро интерфейс), GSM шлюз, IP шлюз.
Барча фуқаролар ушбу қоидалар лойиҳаси бўйича ўз таклифларини Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокамаси порталида тақдим этиши мумкин.
2017 йил 1 июл куни ушбу норматив-ҳужжат лойиҳаси муҳокама қилиш жараёни якунланади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.