ТОШКЕНТ, 27 июн — Sputnik. 24 июнь куни Жиззах вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари ҳамда вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимларига номзодлар тайинланди, деб хабар қилди Жиззах вилояти ҳокимлиги матбуот-хизмати.
2016 йилнинг декабрь ойидан Жиззах вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган Мустафоев Улуғбек Мавлонович жорий йилнинг 13 июнь куни "Ўзбекенерго" АЖ раиси лавозимига тайинланган эди.
Жиззах вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича янги биринчи ўринбосари Абдуллоев Алижон Кахрамонович 1974 йилда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида таваллуд топган. Маълумоти олий. Тошкент давлат университетини тамомлаган. Иқтисод фанлари номзоди. Рус, инглиз ва немис тилларини мукаммал ўзлаштирган.
Вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Тўхтамишев Ботир Қўнишевич 1972 йил Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида туғилган. 1994 йил Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаган. Техника фанлари номзоди. Мазкур лавозимга қадар Андижон қишлоқ хўжалиги институти ўқув ишлари бўйича проректори вазифасида фаолият юритган.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.