ТОШКЕНТ, 26 июн — Sputnik. Самарқанд вилояти МХХ бошқармаси тезкор ходимлари томонидан коллежга ўқишга киритиш учун талабалардан пул талаб қилган коллеж директори ўринбосари пул олаётганда қўлга олинди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи икки нафар фуқаро МХХга ариза билан мурожаат қилдилар. Ушбу аризаларда айтилишича, Самарқанд вилояти банк коллежи қабул комиссияси аъзоси коллежга ўқишга киритиш масаласини ижобий ҳал этиш эвазига талабаларнинг қариндошларидан пул талаб қилган.
"Натижада Қаршиев ўз хизмат хонасида 800 доллар пул маблағини олаётганда қўлга олинди. Ушбу банк коллежи Самарқанд вилоятида энг етакчи ўқув даргоҳлардан бири ҳисобланади. Қаршиев ўзининг ноқунуний ҳаракатлари билан ўқув даргоҳи шаънига доғ туширди, шунингдек, таълим соҳасини ривожлантириш бўйича давлат дастурини амалга оширишга тўсқинлиқ қилди", — деб таъкидлади МХХ вакили.
Ҳозирги кунда Қаршиевга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов иши олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш компанияси давом этмоқда. Бунда алоҳида аҳамиятга эга бўлган ижтимоий соҳаларда, жумладан, таълим соҳасида таъмагирлик ва порахўрликка қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.