ТОШКЕНТ, 26 июн — Sputnik. Нидерландия Элчиси ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
"2017-йилнинг 26-июн куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Нидерландия Қироллигининг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида) Регина Вероника Мария Жонс-Босни қабул қилди.
Элчи ишонч ёрлиқларини топширди. Вазир Элчини мамлакатимизда дипломатик миссиясини бошлагани билан табриклади ҳамда юқори ва масъулиятли лавозимда омад тилади", — дейилади хабарда.
Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан сўнг 25 йил давомида эришилган юқори даражадаги ҳамкорлик ижобий баҳоланди. Шунингдек, алоқаларни барча соҳаларда кенгайтириш, хусусан 2017-2021-йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида муносабатларни ривожланритиш учун томонлар улкан салоҳиятга эгалиги таъкидланди.
Музокаралар чоғида сиёсий соҳада ҳамкорликни чуқурлаштириш, икки давлат ишбилармон доиралари, туризм бизнеси, илм-фан, таълим, маданият ва санъат вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри ва ўзаро манфаатли алоқаларни фаоллаштиришдан томонлар манфаатдор эканлиги қайд этилди.
Учрашувда икки томон кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.