ТОШКЕНТ, 24 июн — Sputnik. Маккадаги Ал-Ҳаром масжидида содир этилиши режалаштирилган терактнинг олди олинди, Саудия Арабистони махсус хизмати томонидан худкушни йўқ қилиш учун ўтказилган операция давомида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан беш нафари ва олти нафар хориж фуқаролари жароҳатланган, деб хабар қилди РИА Новости.
Полиция маълумотларига кўра, террорчи Ал-Ҳаром масжидида Рамазон ойининг сўнгги жумасида у ерга кўплаб зиёратчилар тўпланган вақтда портлашни амалга оширмоқчи бўлган.
Қироллик Ички ишлар идораларининг хабарига кўра, ёвуз ниятли кимсалар уч жойда, Жидда ҳамда Макканинг Ал-Асила ва Ажяд даҳаларида яширинишганлиги аниқланган.
Ажяддаги уч қаватли уйлардан бирида аниқланган террорчилардан бири куч ишлатиш ходимларига қарата ўт очишга ва портловчи қурилмани ишга туширишга улгурган.
Портлаш оқибатида бино қулаган ва олти нафар чет эллик жароҳатланган. Улар касалхонага олиб кетилган.
Шунингдек, беш нафар полициячилар жароҳат олганликлари айтилмоқда.
Махсус хизмат вакиллари томонидан 5 киши, жумладан бир аёл қўлга олинган. Уларнинг исмлари маълум қилинмаяпти.
Саудия Арабистони ИИВ баёнотига кўра, ушбу терактга чет элдан туриб тайёргарлик кўрилган.
Айни вақтда араб давлатлари вакиллари ушбу терактни қоралаб, Саудия Арабистони раҳбариятига дардкашлик мактубларини йўллашмоқда.