TOШКЕНТ, 23 июн — Sputnik. Россия Давлат Думасининг Мудофаа қўмитаси раиси Владимир Шаманов РИА Новостига Россиянинг Қозоғистон ва Қирғизистон билан Сурияга қўшинларни юбориш масаласида музокаралар олиб бораётганини хабар қилди.
"Айни дамда музокаралар олиб борилмоқда. Россия ҳарбий полиция ходимлари Сурияда тартибни сақлашда иштирок этиши масаласи кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, Қозоғистон ва Қирғизистонлик ҳамкасабаларимизни таклиф қилиш масаласи ҳам. Шундай ният бор, лекин бу борада ҳали қарор қабул қилинмаган", — деди Шаманов.
Эслатиб ўтамиз, 3-4 май куни Остонада бўлиб ўтган музокаралар чоғида уч мамлакат — Россия, Туркия ва Эрон Сурияда тинчлик ўрнатиш кафолатчилари бўлиши ҳақида келишиб олинган эди.
Шунингдек, Сурия ҳудудида тўртта "Тинчлик зонаси" ташкил қилиш ҳақида ва ушбу зоналарда ўт очишни тўхтатишга келишиб олинган эди. “Тинчлик зоналари” Идлиб вилояти, Латакия, Ҳома ва Алеппонинг маълум бўлакларини ва бошқа бир неча ҳудудларни қамраб олади.
Келишувга кўра, тинчлик кафолатчилари бўлган мамлакатлар Сурияга ўз ҳарбий кузатувчиларини ёки ўзлари ишонган мамлакат тинчликпарвар қўшинларини кузатувчи сифатида юборишлари мумкин.
Туркия президенти вакили Иброҳим бу борада Haberturk нашрига шундай деган эди.
"Буларнинг ҳаммаси харитани синчиклаб ўрганишни талаб қилади: қаерга нечта аскар киритилади, қаерда жойлаштирилади. 300 та ёки 500 та аскар керакми? Ҳозир Идлибда бир миллиондан ортиқ киши яшайди. Шунча аҳоли яшайдиган ҳудудда тартибни сақлаш учун нечта ҳарбий кераклиги муҳокама қилинмоқда. Июлда Остонада бўлиб ўтиши керак бўлган навбатдаги учрашувимизда ушбу масала муҳокама қилинади", — деди Калын.
Калын айтишига қараганда, Туркия ҳарбийлари Идлиб вилоятида Россия ҳарбийлари билан ёнма-ён жойлаштирилади. Эрон ҳарбийлари эса Дамашқ яқинида жойлаштирилади.
Суриядаги "Хмеймим" мухолифатчи гуруҳи раҳбари Ильян Масаад РБК нашрига нима учун Сурияда ўрнатиладиган "Тинчлик зоналари"даги кузатувчи айнан Қозоғистон ва Қирғизистонлик бўлиши кераклигига изоҳ берган.
"Кузатувчи мамлакатлар айни дамда Суриядаги можарода иштирок этмаётган, холис мусулмон мамлакатлари бўлиши керак. Иккинчидан, ушбу мамлакатлар Россия ва Сурия ҳукумати билан ҳамфикр бўлиши керак. Тинчликпарвар қўшинларнинг вазифаси — "Тинчлик зоналари"да ўт очишнинг тўхтатилишини кузатиб бориш бўлади", — деб тушунтирди Масаад РБК нашрига.
Қозоғистон ва Қирғизистонга бундан нима фойда?
"Экспорт вооружений" журнали бош муҳарриси Андрей Фролов айтишига қараганда, Қозоғистон ва Қирғизистон учун Сурияга ҳарбийлар юбориш фойдали тажриба бўлиши мумкин.
"Биринчидан, бу халқаро майдонда ўз обрўсини ошириш, иккинчидан эса, ўз ҳарбий кучларини ҳақиқий жанговор вазиятда синаб кўриш имкони бўлади", — деди Фролов.
Россия халқаро ишлари бўйича эксперти Антон Мардасовнинг фикрига кўра, ушбу операция муваффақиятли амалга оширилган тақдирда халқаро майдонда КХШТнинг ҳам нуфузи ошади.
Қозоғистон ва Қирғизистон ҳукуматилиари Сурияга ҳарбийларни юбориш ҳақида маълумотдарни ҳозирча инкор қилмоқда.
"Қозоғистон Сурияга қўшинларни юбориш ҳақида ҳеч ким билан музокаралар олиб бормаяпти. Бизнинг мамлакат дунёнинг исталган нуқтасига тинчликпарвар қўшинларни юборишга асос бу — БМТ Хавфсизлик қўмитасининг резолюциясидир", — деди Қозоғистон ТИВи раҳбари Кайрат Абдрахманов.
Қирғизистон Бош штаби вакили журналистларга Россия билан бу борадаги музокаралардан хабари йўқлигини хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат қонунчилиги тинчликпарвар ҳарбий қўшинларни фақат БМТ қарорига асосан ёки КХШТнинг барча мамлакатлари розилиги билан юбориш имконини беради.