ТОШКЕНТ, 23 июн — Sputnik. 2017-йилнинг 5-июл куни соат 14.00 дан 16.00 гача Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ватандошлар, жумладан хориждаги ҳамюртлар билан тўғридан-тўғри мулоқоти бўлиб ўтади, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
"Ватандошларимиздан бизнинг манзилимизга келиб тушаётган саволларнинг мазмуни ва характеридан келиб чиққан ҳолда тадбирда мамлакатимиз ваколатли идоралари — Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги мутахассисларининг ҳам иштирок этишлари кутилмоқда", — дейилади хабарда.
Мулоқотга жамоатчилик, миллий ва хорижий ОАВ вакиллари ҳам таклиф этилади.
Видеоконференцияга тайёргарлик кўриш ишига барча хориждаги ваколатхоналар жалб қилинган, ҳозирги кунда улар зарур техник қурилма ва видеоаппаратура мосламалари билан тўлиқ таъминланган, деб қўшимча қилинган хабарда.
Ўзбекистонликларнинг хоҳишларига биноан ва Тошкент шаҳри билан вақтдаги бир неча соатлик тафовутни инобатга олган ҳолда айрим элчихона ва бош консулхоналар томонидан фуқаролар мурожаатлари тасвирга олинганлиги ва улар ташқи ишлар вазирининг тўғридан-тўғри мулоқоти доирасида намойиш этилиши айтилган.
Хабарда таъкидланишича, Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги муассасаларга келиб тушган мурожаатлар диққат билан ўрганилмоқда ва уларнинг баъзилари юзасидан аниқ қарорлар қабул қилинган ҳамда аризачига ўз вақтида маълум қилинган.
Қайд этилишича, саволлар миқдорининг катталини ва мулоқотга ажратилган вақтнинг чекланганлигини инобатга олиб, видеоконференцияда эълон қилинмаган мурожаатлар бўйича аризасига асосли жавоб берилади.
Яна бир бор эслатиб ўтамиз: ўзбекистон фуқаролари матн, аудио ва видео кўринишдаги ўз саволларини Президентнинг виртуал қабулхонасига, ташқи ишлар вазирининг виртуал қабулхонасига, muloqot@tiv.uz расмий электрон манзилига, шунингдек, ТИВнинг "Фейcбук"даги расмий саҳифаси ва "Телеграмм"даги каналга олдиндан жўнатишлари мумкин.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.