ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг янги қарори эълон қилинди, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали.
Қарорга мувофиқ, 2018 йил 1 январгача имтиёзли тоифа алоҳида ҳисобга олинган ҳолда тегишли ихтисослаштирилган тиббий хизматлардан, шу жумладан, юқори технологик тиббий ёрдамдан фойдаланишга муҳтож бўлган беморларнинг доимий янгиланадиган ягона электрон маълумотлар базаси шакллантирилади. 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда барча ихтисослаштирилган марказларда, вилоят филиалларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида врач қабулига масофадан ёзилиш имконини берадиган электрон дастур жорий этилади.
Қарор билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.
Дастур доирасида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида ихтисослаштирилган тиббий хизматларни янада ривожлантириш мақсадида 373,5 миллиард сўм ва 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, шундан 60 миллиард сўм маблағ Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга ва 97 миллион АҚШ доллари республика ва ҳудудий ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларини жиҳозлашга йўналтирилади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.