TOШКЕНТ, 19 июн — Sputnik. Кўчмас мулк савдоси ва ижараси ҳақида миллионлаб эълонлар жойлаштирилган Domofond.ru портали Россия шаҳарларидаги хавфсизлик даражасини аниқлаш мақсадида сўров ўтказди.
Сўровда 258 минг киши иштирок этиб улар ўзлари яшаётган шаҳарларни "Мен хавфсиз шаҳарда яшайман ва тунда уйга қайтишдан қўрқмайман", деган иборага қанчалик мос келишини 10 баллик система бўйича баҳолашди.
Сўров натижаларига кўра, энг хавфли шаҳар Ростов вилоятидаги Шахты шаҳри деб тан олинган. У ерда яшаётганлар кўчалар ёритилмаганлиги, канализация люклари очиқлиги ва одамларга дайди итлар ҳужум қилишидан шикоят қилишган. Шаҳар хавфсизлик рейтингда бор-йўғи 5,6 балл тўплаган.
Волгоград, Омск, Чита, Астрахан, Саратов, Челябинск, Нижний Тагил, Балашиха ва Перм шаҳарлари аҳолиси ҳам худди шундай муаммолар борлигидан шикоят қилишган.
Аҳоли сони бўйича етакчи бўлган Москва 6,9 балл жамлаб рейтингнинг 31 ўринини эгаллаган. Санкт-Петербург 6,7 балл билан 42 ўринда жойлашган.
Нижневартовск, Сургут, Армавир, Саранск, Мурманск, Чебоксары ва Нижнекамск шаҳарлари тўртинчи, бешинчи ва олтинчи ўринларни эгаллаган.
Сочи ушбу рейтингда иккинчи ўринни эгаллаган. Биринчи ўринда эса Чеченистон пойтахти — Грозный бўлди. Грозный 8.7 балл жамлаган.