ТОШКЕНТ, 19 июн — Sputnik. ФИФА рефериси, ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов ЖЧ-2018 мусобақасидан аввал ўтказиладиган Конфедерациялар Кубоги-2017 турнирида видеотакрорлар бўйича рефери ассистенти вазифасини бажаради. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
ЎФФ матбуот хизмати хабарига кўра, Россияда бўлиб ўтаётган турнирда Равшан Эрматов биринчи тайинлов олган. У B гуруҳи, 1-туридан ўрин олган Австралия — Германия учрашувида ишлайди.
Ушбу мусобақаларда ҳакамларга видео-ёрдам тизими (VAR) қўлланилади. Ёрдамчилар, операторлар хонасида жойлашган барча видео камераларни кузатади ва бош ҳакамга зарур бўлган маълумотларни узатиб туради. Бу ўз навбатида ҳал қилувчи вазиятларда ҳакамлик хатоларини тўғрилашга ёрдам беради.
Хусусан, дарвозалар олдидаги вазиятлар, футболчиларни ўйиндан четлаштириш, пенальти тайинлаш ёки ўйинчини аниқлашда фойдаланилади. Аммо, якуний қарор қабул қилиш бош ҳакам зиммасида қолади.