ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Кеча Тошкентда бўлиб ўтган "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби" мавзусидаги анжуманда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яширинча шаръий никоҳ ўқитиш, хотин устига хотин олиш ҳолатларини кескин қоралади.
Бир пайтлар ҳаётнинг ўзи рад этган кундошлик, қўшхотинлик балоси қандай хунук оқибатларга олиб келиши барчамизни ташвишга солиши керак. Атоқли адибимиз Абдулла Қодирий "Ўткан кунлар" романида кундошлик туфайли бутун бир оила бошига тушган фожиаларни жуда таъсирчан тасвирлаб бергани наҳотки сабоқ бўлмаган бўлса?", деди президент.
Шавкат Мирзиёев бундай ҳолатларнинг қандай салбий оқибатларга олиб келиши, қандай муаммолар пайдо қилиши борасида фикр билдирди.
Энг ёмони, бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етади. Улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этолмайди", деди Ўзбекистон раҳбари.
Президент имом-хатибларга мурожаат қилар экан, бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини таъкидлади.
"Ҳурматли имом-хатиблар, сизлар Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан берилган ҳужжатни кўрмасдан туриб, турли бойваччаларга шаръий никоҳ ўқиб бераётганингизда мана шундай ишингиз оилаларга қандай бахтсизлик, жамиятга қандай катта муаммо олиб келаётганини лоақал тасаввур қиласизларми ўзи?!
Ҳозирги кунда ҳаётимизда авж олаётган ана шундай хунук, ярамас ҳолатларга чек қўйиш мақсадида алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Бу қонунда Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан берилган ҳужжатга эга бўлмаган шахсларга шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай муллага, агар у валломат бўлсаям, жиноий жазо бериш кўзда тутилади", деди Шавкат Мирзиёев.