ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Ўзбекистонда кўмир саноатида "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамияти фаолиятида аниқланган жиддий камчиликларни бартараф этиш мақсадида президент тегишли қарор қабул қилди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар берди.
Асосий камчиликлар: моддий-техника жиҳозларидан самарали фойдаланмаслик, кўмир ишлаб чиқариш интизоми бўшлиги, иш самарадорлигини ошириш ва устувор инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда жиддий оқсоқликлар мавжуд.
Мутахассислар фикрича, охирги беш йил ичида ушбу тармоқда кўрсаткичлар сезиларли камайиб кетди. Масалан, кўмир кон юзасини очиш ишлари 128,9 млн куб метрга камайиб кетди, кўмир қазиб олиш 4 млн тоннадан ортиқ ва каолин 320,5 минг тоннага камайиб кетди.
Давлат раҳбари нафақат кўмир саноатини янада ривожлантириш бўйича янги дастур қабул қилди, балки 2013 — 2018 йиллар даврида кўмир саноати корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳамда уни мувозанатли ривожлантириш дастурини ўз вақтида ва сифатли бажаришни таъминламаганлиги учун "Ўзбекўмир" бош директори Шухрат Пулатовга ҳайфсан интизомий жазо чорасини эълон қилди.
Бундан ташқари, Мирзиёев шу йил август ойи якунига қадар келгуси 5 йил учун кўмир кон юзасини очиш ва кўмир қазиб олиш ишларининг прогноз параметрларини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ҳамда ҳар бир устувор инвестиция лойиҳалар бўйича аниқ "йўл ҳарита" дастурларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.
Қарорда "Ангрен" ва "Ниш-Баш" кўмир кон шахталарини қуриш бўйича инвестицион лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур лойиҳаларнинг умумий қиймати 340 млн доллардан ортиқ маблағни ташкил этмоқда. Лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий молиявий институтлари ва ҳукумат молиявий корхоналарининг инвестицияларини жалб этиш бўйича ишларни жадаллаштириш зарур бўлади.
Кўмир саноатининг ривожлантириш мақсадида 2021 йил 31 декабрга қадар республикада мавжуд бўлмаган четдан олиб келинадиган кон транспорти, технологик асбоб-ускуналар, автотранспорт, эҳтиёт қисмлар ва материаллар, дастурий таъминот, техник ва лойиҳа ҳужжатлари божхона тўловлардан озод этилди.
Кўмир саноати учун етакчи кадрларни салоҳиятини мустаҳкамлаш масалалари ҳам дастурда алоҳида ўрин олди. Масалан, август ойи якунига қадар Олий ва ўрта таълим вазирлиги бошқа тегишли тармоқ идоралари билан ҳамкорликда кўмир соҳасига зарур бўлган йўналишлар ва мутахассисликлар (олийгоҳлар ва коллежлар кўрсатилган ҳолда) рўйхатини тайёрлаш бўйича топшириқлар берди. Шунингдек, хорижий мамлакатлар энг замонавий талаблар ва уларнинг тажрибалари асосида тингловчиларни ўқитиш стандартларини, ўқув режаларни ва дастурларни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, "Ўзбеккўмир" таркибидаги корхоналари ва ташкилотларига таълим муассасалари битирувчилари танланган қасби ва мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилишига олийгоҳлар раҳбарларининг назорат қилиш ва масъулияти ошириш механизми жорий этилади.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йил кўрсаткичларига кўра, кўмир кон юзасини очиш ишлари 20,9 млн куб метрни ташкил этди. 2012 йилда бу кўрсаткич эса 14,2 млн куб метр бўлган. Кўмир қазиб олиш ҳажми 125 минг тоннага кўпайди. Кўмир маҳсулотларни кўпайиш ҳажми 11,2 % га етди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.