ТОШКЕНТ, 14 июн — Sputnik. Бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш энг муҳим вазифа бўлиб қолмоқда, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев 13 июнь куни Тошкент шаҳрида суд органлари тизимидаги ишларнинг аҳволига бағишланган видеоселектор йиғилишида.
Ўзбекистон раҳбари адолат ўзбек халқи учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келгани, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз "Куч — адолатда" деган ҳикматга амал қилиб, давлат бошқарувини ташкил қилиш, эл-юртнинг тинчлиги ва ободлигини таъминлашга эришганини қайд этиб, бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш энг муҳим вазифа бўлиб қолаётганини таъкидлади.
"Бу борада давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи бўлган суд тизимининг ўрни ва аҳамияти ғоят катта. Бу ҳақиқатни биз бугунги кунда, мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида тобора чуқур ҳис этмоқдамиз", деди Мирзиёев.
Айни пайтда қўлга киритилган натижалар билан кифояланиб қолмасдан, соҳа ривожига танқидий ёндашиш, суд идоралари, судьялар фаолиятини бутунлай янгича асосда, самарали ташкил этиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.